UMS Ўзбекистондаги фаолиятини давом эттиради

Universal Mobile Systems МЧЖ ўз фаолиятини 2029 йил якунигача берилган мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш лицензияси асосида олиб бораётганини маълум қилди.

Компания сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, компания мобиль операторнинг барча хизмат ва сервисларини кўрсатмоқда, янги абонентларни жалб қилиш ва амалдаги мижозларга хизмат кўрсатиш ишларини амалга оширмоқда.

«Салмоқли салоҳиятга эга UMS узоқ муддатли ривожланиш режаларини барча йўналишлар бўйича татбиқ этишни давом эттиради ва ўз мижозларининг эҳтиёжларини қондиришга алоҳида эътибор қаратади», — қайд этилади хабарда.

Бундан аввалроқ оммавий ахборот воситаларида МТС компаниясининг август охирига қадар UMS таъсисчилари таркибидан чиқиши тўғрисида хабар қилинди. Мазкур хабар ҳали расман тасдиқлангани ёки инкор қилингани йўқ.

UMS Ўзбекистон ҳудудида 2014 йил 1 декабрдан тижорий мобиль алоқа тармоғини ишга туширган. 2016 йил бошида UMS абонентлар базаси 1,095 миллионга етди.

SHARE