Шаҳрам Ғиёсов Олимпиада ўйинларининг кумуш медалига сазовор бўлди

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида бугун аксарият юртдошларимизнинг диққат эътиборлари бокс мусобақаларига қаратилди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бугун вазни 69 кг.гача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Шаҳрам Гиясов ҳал қилувчи финал баҳсида рингга кўтарилган бўлса, яна бир боксчимиз Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ярим финал йўлланмаси учун баҳс юритди.

Аввало шуни таъкидлаш жоизки, ҳар икки боксчимиз ҳам бири-биридан ажойиб жангларни ўтказиб, мухлису- мутахассисларнинг олқишларига сазовор бўлдилар. Финал учрашувига қадар, Олимпия ўйинлари ғолиби ҳамда жаҳон чемпионларини мағлуб этган Шаҳрам Гиясовга ҳал қилувчи финал баҳсида ҳам жаҳон чемпионига рўбарў келди. Ёш бўлишига қарамай номдор рақибларини катта устунлик билан енгган Шаҳрам, финал жангида ҳам жасорат ва матонат намуналарини намоён этди. Умидли боксчимиз гарчи якунда кумуш медаль совриндори бўлган бўлсада, ҳақиқий истеъдод соҳиби эканлигини яна бир бора исботлади.

“Бу мен учун биринчи Олимпия ўйинлари ва фаолиятимдаги илк Олимпиадада кумуш медаль совриндори бўлганимдан жуда ҳам хурсандман. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, финалга қадар ўта жиддий рақибларига тўқнаш келдим. Айниқса, чорак финалдаги жанг мен учун ўта оғир кечди. Аслида, Олимпия ўйинларида кучсиз рақибнинг ўзи бўлмайди ва шу боис рақибларимни қанчалар номдор бўлганликларига эътибор бермай, совринли ўринларни банд этиб, Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига ўзига хос совға ҳозирлашни дилимга тугдим. Бугун ниятларим ижобат бўлди. Мен Ўзбекистон фарзанди бўлганимдан фахрланаман ҳамда озод ва обод Ватаним шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун бор куч ва имкониятимни сафарбар қиламан. Фурсатдан фойдаланиб, энг аввало биз спортчиларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун Давлатимиз ва хукуматимиз раҳбарларига, шунингдек, ота-онам, устозларим, бизга муҳлислик қилаётган барча-барчага миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу барчамизнинг ютуғимиз”, – деди Шаҳрам Гиясов тақдирлаш маросимидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Энди Шаҳобиддин 19 август куни финал йўлланмаси учун кечадиган жангда венесуэлалик боксчи билан баҳс юритади. Жанубий Америкалик боксчи бугун бўлиб ўтган чорак финал баҳсида жазоирлик Муҳаммад Флиссини енгишга муваффақ бўлди.

Шундай қилиб, Олимпия ўйинларининг 12 куни якунига кўра делегациямиз ҳисобида 2 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медаль мавжуд бўлиб, ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 25-ўринда боришмоқда. Спортчиларимизга навбатдаги баҳсларда ҳам омад ва зафарлар тилаб қоламиз.