Тошкент – Бухоро йўналишида «Афросиёб» поезди қатнови йўлга қўйилди

Бугун, 25 август куни Тошкент – Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий «Афросиёб» электр поездининг илк қатнови амалга оширилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АК ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур йўналишдаги темир йўлнинг узунлиги 259 километрдан иборат. Умумий қиймати қарийб 400 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу лойиҳани амалга ошириш учун бор-йўғи 16 ой сарфланди. Лойиҳа доирасида 16,2 миллион кубметр тупроқ ишлари, шунингдек, 146 километрлик «Мароқанд–Навоий» участкасида ер кўтарма ишлари бажарилиб, янги темир йўл тўлиқ ётқизилди.

Навоийдан Бухорогача бўлган масофада эса мавжуд пўлат излар тўлиқ реконструкция қилинди. Бундан ташқари, ушбу йўналишда жами 222 та сунъий иншоот, шу жумладан, 1 та пиёдалар ўтиш йўлаги, 4 та йўл ўтказгич ва 4 та кўприк қуриб битказилди. Магистралнинг икки томонида деярли 500 километрдан зиёд масофага металл тўсиқлар ўрнатилди.

Каттақўрғон шаҳрида бир йўла юз нафар йўловчига бугунги кун талаблари даражасида хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган янги, замонавий вокзал биноси қад ростлади. Лойиҳа доирасида Бухоро вокзали тубдан реконструкция қилинди. Халқаро стандартларга мос, бир вақтнинг ўзида 300 нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Ушбу йўналишда яна 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электр поезди Тошкентдан Бухорогача бўлган 600 километрлик масофани илгаригидек 7—8 соатда эмас, 3 соату 20 дақиқада босиб ўтиш имкониятига эга.

Ҳудудда юқори тезликда ҳаракатланувчи электр поездлари қатнови йўлга қўйилгандан сўнг, мамлакатда бундай поездлар ҳаракатланадиган темир йўллар узунлиги 700 километрдан ортди.

SHARE