Паралимпиада иштирокчилари тантанали кутиб олинди

Ўзбекистон спортчилари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV Паралимпия ўйинларида 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза медални қўлга киритди.

ЎзАнинг хабар беришича, Тошкент халқаро аэропортида 21 сентябрь куни ушбу нуфузли мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчиларини тантанали кутиб олиш маросими бўлди. Шу муносабат билан бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, паралимпиячиларимизнинг ота-оналари, журналистлар йиғилди.

Жорий йилги спорт мавсумида Ўзбекистон фарзандлари дунёнинг нуфузли мусобақалари – XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида бутун жаҳонга мамлакатимизнинг улкан салоҳиятини намоён қилди.

Спортчиларимизнинг ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида халққа улашган, элнинг қаддини, ғурур-ифтихорини тоғдек кўтарган музаффар онларининг ҳовури босилмай туриб, яна ғалаба нашидаси, бахтиёр лаҳзалар шукуҳи қалбларимизни чулғаб олди.

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган натижалар ана шундай туйғуларни бахш этди. Дунё миқёсидаги нуфузли спорт анжуманида бир юз олтмишдан зиёд давлатдан тўрт мингдан ортиқ спортчи ғолиблик учун баҳслашди.

XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг 32 спортчиси дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза, жами 31 медалга сазовор бўлди. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон спорт делегацияси 160 дан ортиқ давлат орасида ўн олтинчи, МДҲ давлатлари ўртасида иккинчи, Осиё мамлакатлари ичида учинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.

– Биз паралимпиячиларимиз билан фахрланамиз, – дейди XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби Руслан Нурудинов. – Уларнинг матонатига, шижоатига қойил қолмай илож йўқ. Биз, спортчилар XXXI ёзги Олимпия ўйинларидаги ғалабамиздан қандай қувонган бўлсак, паралимпиячиларимизнинг ютуғидан қувончимиз икки ҳисса ошди. Зеро, улар Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон ёшлари нималарга қодирлигини, халқаро майдонларда эришаётган натижаларимиз тасодифий эмаслигини яна бир карра исботлади.

Лондон шаҳрида бўлиб ўтган XIV Паралимпия ўйинларида ўн нафар спортчимиз иштирок этган ва бир кумуш медални қўлга киритган эди. Бу галги мусобақада олтин медалнинг ўзи саккизтага етди. Таъкидлаш жоизки, ҳатто, қатнашувчи спортчилари бизникидан бир неча баробар кўп бўлган айрим давлатлар ҳам шунча олтин медалга эриша олгани йўқ. XV Паралимпия ўйинларида 160 дан зиёд давлатдан 83 давлат спортчиларигина медалларни қўлга киритиш бахтига муяссар бўлди, олтин медалга сазовор бўлган давлатлар ундан ҳам кам – 63 тани ташкил этди.

Спортчиларимиз фақат медалларни қўлга киритибгина қолмай жаҳон ва Паралимпия ўйинлари рекордларини ҳам янгилаб, ўзларининг улкан салоҳиятга, истеъдодга эга, юраги шижоатга тўла эканини исботлади. Нуфузли мусобақада спортчиларимиз томонидан 7 Паралимпия ўйинлари, 6 жаҳон ва 12 Осиё рекорди ўрнатилди.

Нуфузли мусобақанинг дзюдо бўйича беллашувларида қатнашган полвонларимиз 3 олтин, 1 кумуш ва 6 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Вазни 60 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувларда қатнашган Шерзод Намозов уругвайлик Хенри Боргес, озарбайжонлик Рамин Иброҳимов, япониялик Макото Хиросени енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

SHARE