Ўзбекистонда мобиль алоқа ва интернет хизмати учун тўловлар сўмда ҳисобланади

Ўзбекистонда мобиль алоқа хизмати учун тарифлар ва тўловлар қатъий равишда миллий валютада белгиланади ва тўланади. Ушбу механизм жорий йил охирига қадар жорий этилади. Бу ҳақида Kun.uz сайти хабар берди.

25 апрель куни Тошкентда Usenet 2017 конференцияси доирасида ўтказилган давра суҳбатида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Умиджон Аъламовнинг маълум қилишича, 2017 йил охирига қадар мобиль алоқа операторлари ва интернет-провайдерлар хизматларини миллий валютада нархлашга ўтказиш бўйича қарор ишлаб чиқилади.

«Ўтиш жараёнининг ўзи катта маблағларни талаб қилади, бу арзонга тушадиган тадбир эмас. Бироқ, Ҳаракатлар стратегиясига кўра, ҳамма миллий валютада нархлашга ўтади: мобил операторлар ҳам, интернет-провайдерлар ҳам. Қарор шу йил охиригача ишлаб чиқилади ва келгуси йилдан амалга оширила бошлайди», — дея қайд этган Умиджон Аъламов.

«Биз бу борада истеъмолчилардан, жумладан, корпоратив мижозлардан кўплаб шикоятлар қабул қилдик. Улар асосан хизматларнинг АҚШ долларида нархланиши билан боғлиқ ноқулайликлардан норозилик билдиришган», дея таъкидлаган вазир ўринбосари.

Usenet 2017 доирасидаги «2017-2021 йилларда мобиль КПКнинг ривожланиши. 3G’ни кенгайтириш, 4G’ни татбиқ этиш ва 5G’га ўтиш» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида Аъламов билан бирга Unitel бош директори Дмитрий Шуков, UZMOBILE бош директори Владимир Кравченко ҳамда анжуман ташкилотчиси – Ledokol Group агентлиги раҳбари Дилшод Музаффаров қатнашди.

 

SHARE