UzCard “QIWI” тўлов тизимига уланади

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Ягона умумреспублика процессинг маркази ва “QIWI” тўлов тизими билан ҳамкорликда янги хизматни йўлга қўймоқда. Унга мувофиқ, АҚШ ва Россиядан UzCard сўм карталарига долларни ўтказиш мумкин бўлади.

UzNews.uz сайтининг “Ўзмиллийбанк” матбуот хизматига таяниб маълум қилишича, ушбу хизмат кўпроқ Россия ҳудудида ишлаётган ҳамда Ўзбекистонга тез-тез пул ўтказаётган фуқароларимиз учун мўлжалланган.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун UzCard сўм карталарида валюта ҳисоб-рақами очилади. Ушбу ҳисоб-рақамга Россиядан юборилаётган рублдаги маблағлар ўтказиш пайтида “QIWI” тўлов тизими курси бўйича долларда конвертация қилинади. Ушбу маблағни Ўзбекистон ҳудудидаги махсус терминалларда нақдлаштириш мумкин бўлади.

Мазкур лойиҳа мижозларга UzCard сўм карталари иш вақти ёки банкнинг иш кунидан қатъи назар маблағ келиб тушишини кафолатлайди. Ҳозирги пайтда лойиҳани якунлаш бўйича сўнгги ишлар амалга ошириляпти ва у яқин ойларда ишга туширилади.

SHARE