Марказий Осиё ягона энергия тизими қайта тикланиши мумкин

Марказий Осиё мамлакатлари ягона минтақавий энергия тизимини қайта тиклаш масаласини муҳокама қилмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишича, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон энергетика идоралари раҳбарлари Олмаотада учрашишган.

Ушбу учрашувга қадар барча мамлакатлар Марказий Осиё бирлашган энергетика тизими тўғрисида резолюция лойиҳасини келишиб олган. Ушбу ҳужжат имзоланса, яқин вақт ичида Тожикистон Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларига электр энергияси етказиб беришни бошлайди. Эслатиб ўтамиз, ушбу тармоқ 2009 йилда тўхтаб қолган эди.

Тожик матбуотининг ёзишича, ушбу мамлакат ёз мавсумида 5 миллиард кВт электр энергиясини экспорт қилишга қодир. Маълумотларга кўра, ёз мавсумида Тожикистон 800 миллион кВт-соат электр энергиясини Афғонистонга, 600 миллион кВт-соатини Қирғизистонга экспорт қилади. Аммо Ўзбекистон ушбу тизимдан чиқиб кетгандан сўнг 3,6 миллиард кВт-соат электр энергиясига эҳтиёж йўқолиб қолган.

Шуни қайд этиш керакки, Марказий Осиё ягона энергия тизимини шакллантириш 1991 йилда якунланган эди. Унга Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Жанубий Қозоғистон кирар эди. Ушбу тизим умумий қуввати 25 минг мВт бўлган 83 та электр станциясини бирлаштирган эди.

Бу тизимга мувофиқ, қиш мавсумида Тожикистон ва Қирғизистон дарё сувларини сув омборларида тўплаб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистондан электр энергияси ва энергия ресурсларини, жумладан, кўмир ва табиий газ оларди. Ёзда эса Қирғизистон ва Тожикистон сув омборларида йиғилган сувни ирригация мақсадлари учун қуйида жойлашган давлатларга берар эди. Бундан ташқари, ушбу мамлакатлар қўшни давлатларга ортиқча электр энергиясини етказиб берарди.

SHARE