Андижонда 200 га яқин киши музқаймоқдан заҳарланди

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида 15 май куни камида 186 киши бир хил симптомлар билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Суҳбатлар вақтида беморларнинг барчаси 14 май куни туман марказидаги қаҳвахонада музқаймоқ истеъмол қилганини маълум қилган.

Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар борлиги ҳақидаги хабарларни рад этди. 15 май куни эрталаб 120 киши, кун охиригача қадар эса жами 186 киши тинимсиз ич кетиш, кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилиши, умумий ҳолсизлик каби касаллик белгиларидан шикоят қилиб, касалхоналарга мурожаат қилган. Беморларнинг барчаси туман тиббиёт бирлашмасининг турли бўлимларига жойлаштирилган.

Айни вақтда, 15 май куни касалхонага мурожаат қилганларнинг 5 нафари реанимация бўлимига ётқизилгани, кейинчалик — вазият яхши томонга ўзгаргани сабаб, улар умумий палатага ўтказилгани маълум қилинди. Шунингдек, 81 киши аҳволи қониқарли бўлгани учун уйига қайтарилган. Қолган беморларнинг аҳволи енгил экани айтилмоқда.

Беморларнинг барчаси 14 май куни Шаҳрихон марказида фрезерли музқаймоқ истеъмол қилганини айтган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармасидан маълум қилишларича, Амир Темур кўчасида жойлашган «Макс» қаҳвахонасида музқаймоқ сотиш билан шуғулланиб келган якка турдаги тадбиркор «ўзи яшайдиган уйда ноқонуний равишда музқаймоқ учун қоришма тайёрлаб келган», музқаймоқ қоришмалари «озиқ-овқат маҳсулотлари билан контактда бўлишга мўлжалланмаган пластмасса идишлар»да сақланган. Шунингдек, номи кўрсатилган қаҳвахонада музқаймоқ сотиш учун ҳеч қандай рухсатнома олинмаган.

Ҳодиса сабаб Ўзбекистоннинг бош давлат санитария шифокори ва бошқа масъуллар Шаҳрихонга етиб борган. Вазиятни жойларга келиб ўрганиш учун соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика бош давлат санитария шифокори Саидмурод Саидалиев, Вирусология илмий текшириш институти директори Эркин Мусабоев, Эпидемология, микробиология ва юқумли касалликлар текшириш институти директори А.Абдушукуров ва бошқа етакчи мутахассислар Шаҳрихонга зудлик билан етиб келган. Шаҳардаги барча музқаймоқ сотувчилар тафтиш қилинган. Айни вақтда текширувлар давом этмоқда.

SHARE