Расмий: Шаҳрихон туманида кузатилган эпидемик вазият барқарорлаштирилди

Андижон вилояти Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмасига 2017 йил 15 май куни соат 14:30 дан бошлаб, 22:00 га қадар жами 186 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмасининг турли бўлимларига кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи ва тана ҳароратининг кўтарилиши, умумий ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати маълум қилишича, шифохоналарга мурожаат қилган жами беморларнинг 4 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда бўлганлигини инобатга олиб, улар туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимига ётқизилган ва муолажалардан сўнг аҳволи яхшилангач, шу куннинг ўзидаёқ умумий бўлимга ўтказилган. Қолган беморларнинг аҳволи анча енгил, уларга умумий палаталарда тиббий ёрдам ташкил этилди. 2017 йилниннг 17 май соат 1700 ҳолатига кўра, шифохонада 33 нафар бемор шифокорлар назоратида бўлиб, уларнинг аҳволи ҳам яхшиланмоқда.

Шифохона ва унинг бўлимлари зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминланган.
Беморлар билан ўтказилган суҳбат давомида барча беморлар ўз касалликларини 2017 йил 14 май куни Шаҳрихон туман маркази, Амир Темур кўчасида жойлашган “МАКС” кафесида фрезерли музқаймоқ истеъмол қилиш билан боғлаган.

Аниқланишича, Бултирбоев Жаҳонгирмирзо Жамолиддин ўғли якка тартибдаги тадбиркор сифатида 2015 йил 4 апрелида 0004238 рақами билан Андижон вилояти, Андижон тумани, ягона дарча марказидан рўйхатдан ўтказилган.

Аммо у ҳеч қандай тегишли рухсатномалар расмийлаштирмасдан, ўзи яшайдиган Андижон шаҳар, Фаробий МФЙ, Тешабой Мирзаев кўчасидаги 29-уйда ноқонуний равишда музқаймоқ учун қоришма тайёрлаш цехи ташкил этган. Музқаймоқ тайёрлаш жараёнида эса санитария талабларига риоя қилинмаган. Музқаймоқ қоришмаларини озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш мумкин бўлмаган пластмасса идишларда кафега олиб келиб, сотилишига йўл қўйилган.

Музқаймоқ қоришмаси вақтинчалик сақланадиган идишлар, 4 та фрезер ускуналарининг музқаймоқ солинадиган сиғимлари ҳамда фрезер ускунаси қисмларини ювиш ва зарарсизлантириш учун шароит яратилмаган, дезинфекция воситаларидан фойдаланилмаган.

Тадбиркорда юмшоқ музқаймоқ қоришмаси тайёрлашда хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаган, музқаймоқ ишлаб чиқаришда эса ишлаб чиқарилган вақти ва яроқлилик муддатлари номаълум бўлган хомашёлардан фойдаланилган. Кафеда фаолият юритган 4 нафар ходим ўрнатилган тартибда тиббий кўрикдан ўтмаган.

Юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш учун Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика бош давлат санитария врачи С.Сайдалиев, Вирусология илмий текшириш институти директори Э.Мусабаев, Эпидемиология, микробиология ва юқумлик касалликлар илмий текшириш институти директори А.Абдушукуров ва вазирликнинг бир гуруҳ етакчи мутахассислари Андижон вилояти Шаҳрихон туманига юборилган.

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида кузатилган эпидемик вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган.

SHARE