Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонида Дональд Трамп билан учрашадими?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 2017 йил 21 май куни Ар-Риёд шаҳрида бўладиган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этади.

“Давлатимиз раҳбарининг Саудия Арабистонига ташрифи доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган”, дейилади ЎзА хабарида. Ташриф давомида кимлар билан учрашиши ҳақида маълумот келтирилмаган.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, АҚШ президенти Дональд Трамп 19 май куни мамлакат раҳбари сафари хорижий давлатларга илк сафарини Саудия Арабистонига амалий ташрифдан бошлайди. У араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида 50 дан ортиқ мамлакатлар раҳбарлари олдида ислом ҳақида нутқ сўзлайди. Албатта, Ўзбекистон ва АҚШ раҳбарлари саммит доирасида яккама-якка учрашмаса-да, кўришиш имконига эга бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 19-20 май кунлари Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистонда бўлади.

SHARE