Ўзбекистонда шаҳарларда 5-6 та никоҳдан бири ажрашиш билан якунига етмоқда

    Маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 98 фоизи оилаларда истиқомат қилади. Ҳозир мамлакатда 7 миллион 500 мингдан ортиқ  оила мавжуд бўлиб, қайд этилаётган никоҳлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг “Оила даврасида” газетасида ёзишича, аҳоли орасида олиб борилаётган кенг кўламли тушунтириш ишларига қарамай, ажримлар сони ошиб бораётгани барчани жиддий ташвишга солади.

    Ишчи гуруҳлар томонидан 5,6 мингдан зиёд ажримларнинг олди олинишига қарамай, 2017 йилнинг 1-чораги давомида мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 542 тага ортган. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, оилавий ажримлар сони жорий йил биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Хоразм вилоятида 41 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида 34 фоизга, Бухоро вилоятида 24 фоизга, Сурхондарё вилоятида 23 фоизга кўпайган.

    Ажримлар таҳлили, бундай ҳолатлар, айниқса, ёш оилалар ўртасида кўпаяётганини, шаҳарларда қишлоқларга нисбатан ажрашишлар сони ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Масалан, қишлоқ жойларда ҳар саккизта никоҳдан биттаси ажрим билан тугаётган бўлса, шаҳарларда 5-6 та никоҳдан бири, айрим шаҳарларда эса 3-4 та никоҳдан биттаси ажрим билан якунига етмоқда.

    Оилавий ажримлар ўрганилганда, кўпроқ ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғлиғига эътиборсизлиги, йигитларнинг оилани бошқариш, рўзғорни моддий таъминлаш, фарзандларини тарбиялаш масъулиятини етарли даражада ҳис этмаслиги, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифаларини тушунмаслиги, оилада нормал маънавий муҳитни яратишга қодир эмасликлари сабаб бўлаётгани кўринади.

    Таҳлиллар шуни кўрсатадики, аксарият ажралганлар ёши 20-25 да бўлиб, улар бор-йўғи 1-1,5 йил оила қурган, холос. Ажралиш ҳолатларининг 18-20 фоизи оиладаги келишмовчиликлар, 22-25 фоизи ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, характерларнинг тўғри келмаслиги, қолганлари эса фарзандсизлик, эр ёки хотиннинг касаллиги, энг ачинарлиси, йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби иллатларга берилиб кетиши оқибатида юзага келган. Оила муносабатларида барқарорлик оила қураётган ёшларнинг маълумот олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва энг асосийси, иқтисодий мустақил бўлишига ҳам боғлиқ.

    SHARE