Шавкат Мирзиёев Ҳасан Руҳонийни қайта сайлангани билан табриклади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳасан Руҳонийни сайловлардаги ишончли ғалабаси ва Эрон Ислом Республикаси Президенти лавозимига қайта сайлангани билан табриклади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари мактубида сайловлар натижаси «Эрон халқининг Сиз олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатга нисбатан билдирган юксак ичончи намунаси», — деб қайд этди.

Ўзбекистон Президенти томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ўзаро манфаатли шерикликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишга эришамиз, деб ишонч билдирди.

Шавкат Мирзиёев Ҳасан Руҳонийга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида янги зафарлар, дўст Эрон халқига тинчлик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Руҳоний 22,7 млн. овозни олган бўлса, унинг энг яқин рақобатчиси – Эрон собиқ бош прокурори Иброҳим Раисий – 15,4 млн. овоз тўплади.

 

SHARE