Ўзбекистоннинг 2017 йилги Инвестиция дастурига умумий қиймати 50 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳалар киритилган

    2017 йилги Инвестиция дастурига умумий қиймати 50 миллиард АҚШ долларига тенг 545 инвестиция лойиҳаси киритилган бўлиб, йил давомида 7,3 миллиард долларлик сармояларни ўзлаштириш белгиланган.  Бу ҳақида шу йилнинг 30 май куни бўлиб ўтган 30 май куни видеоселектор йиғилишида маълум қилинган.

    Шунингдек, 2017 йилда умумий қиймати 2,4 миллиард долларга тенг бўлган 170 янги ишлаб чиқариш объектини ишга тушириш мўлжалланмоқда. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида умумий қиймати 73,5 миллион долларлик 9 лойиҳани амалга ошириш ишлари якунлангани алоҳида қайд этилди.

    Инвестиция дастурига кирмаган ҳудудлар миқёсида муҳим аҳамиятга эга бўлган 19 триллион 300 миллиард сўмлик мингдан зиёд йирик лойиҳалар амалга оширилаётир. Бугунги кунда уларнинг 39 таси бўйича объектлар ишга туширилган.

    Шавкат Мирзиёев кўпгина инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилаётганини қаттиқ танқид қилди. Жумладан, шу йилнинг биринчи ярмида 10 лойиҳа бўйича объектларни ишга тушириш муддатлари асоссиз равишда кечиктириб юборилган, 9 лойиҳани молиялаштириш бўйича шартномалар тузиш, 10 лойиҳа юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлаш ишлари пайсалга солиб келинган

    Шавкат Мирзиёев инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмаслиги оқибатида замонавий объектларни ишга тушириш муддатлари кечикиши, бу эса талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг бозорга етиб боришига, қанча-қанча одамлар, аввало, ёшларнинг иш билан таъминланишига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб, бундай ҳолатларга йўл қўйган мутасадди раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

    Ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллардан аён бўлмоқдаки, айрим истиқболсиз лойиҳаларни Инвестиция дастурига киритиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, уларнинг молиялаштириш манбалари ва мақсадли стратегияси аниқ белгиланмаган, кутилаётган натижалар бўйича зарур ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилмаган.

    Шавкат Мирзиёев инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан янги назорат механизмини жорий этишни таклиф қилган. Ана шу механизм асосида Иқтисодиёт вазирлиги ҳар бир лойиҳа бўйича амалга оширилаётган ишларни мунтазам мониторинг қилиб, унинг натижалари тўғрисидаги ҳафталик ахборот ва таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради.

    Вазирлар Маҳкамаси Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда ҳар ойда икки марта амалга ошириш жараёнида қандайдир муаммо пайдо бўлаётган лойиҳалар бўйича муҳокамалар ўтказиб, уларни амалий жиҳатдан ҳал этади.

    SHARE