Шавкат Мирзиёев: “Динни рўкач қилиб террорчи бўлиш ўзбекистонликларга ярашмайди”

Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида  ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, одамларни турли диний оқимлар таъсиридан асраш тўғрисида ўз фикрини билдириб ўтди.

“Биз, умуман, кўп жойларда жаҳолатга қарши маърифат ташаббуси билан чиқаяпмиз. Исломни ўргатиш, ўрганишни тарғиб қилаяпмиз. Ислом нурли ҳаёт, дегани. Исломни рўкач қилиб террорчи бўлиш, бошқа оқимларга кириш андижонликларга ҳам, ўзбекистонликларга ҳам ярашмайди”, деди Ўзбекистон раҳбари.

“Бошқа оқимга кирса, менинг болам эмас, қўшнининг боласи, бошқа районнинг боласи деймиз. Ёки бошқа вилоят боласи, деймиз. У Ўзбекистон фуқароси-ку!”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти Андижон дин пешволарига мурожаат қилиб, қуйидагиларни айтди: бешта маҳаллада 20-30 та адашган бўлса, мисол учун, ҳисоб-китоби бор. Йигирматадан бештаси ашаддий, улар қайтмайди. Улар билан шуғулланиш керак эмас, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқариш керак. Бизга керак эмас. Мен (Ўзбекистон фуқаролигидан) чиқаришга тайёрман.

“Энди оқни оқ, қорани қора, дейдиган вақт келди. Кимгадир ёқмаса, ким агар иккита стулда ўтираман деса, унақа мулла бизга керак эмас. Давлат давлатчилигини қилади. Қонун устуворлигини таъминлашга, худога шукур, менинг қурбим ҳам етади, билимим ҳам етади, имкониятим ҳам етади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг айтишича, ҳар бир одамнинг юрагида, виждонида эътиқоди бўлиши керак. Агар эътиқодига муносиб бўлиб Ватанига хизмат қилса, у ватанпарвар бўлади. “Агар у эътиқодсиз бўлиб, чаласавод бўлиб, хиёнат қилиб, иккита стулда ўтирса, у давлат кетиб, бу давлат келса, “акромийлар” келса, уларнинг найрангига ўйнайман, деса, унақалар менга ўтмайди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари таъкидлашича, агар эртанги кунда тинчлик керак бўлса, ўша ашаддийсини Ўзбекистон фуқаролигидан чиқаришга менга таклиф беради, адашганларни илми билан, билими билан, эътиқоди билан, ҳаётдаги намунаси билан бу кўчага ўтказилади. Ё айтади: “ўртоқ районнинг ҳокими, бунга жой бер, ер бер, ҳовли бер. Ўзи асли ажабтовур одам экан, сани ноинсоф, адолатсизлигинг учун, у ишсизлиги учун шундай бўлиб юрибди”.

“Уям тўғри. Биздаям хато бор. Ижро органларидаям хато бор. Иккинчидан, ман охирги марта Шайхонтоҳур туманидаги гапимни эшитган бўлсанглар, битта адашганнинг бешта қариндоши бор. Биз ўша бешта қариндошниям ашаддий душман қиламиз: тўйга чақирмаймиз, маросимга чақирмаймиз. Пишиллаб айтамиз: у фалончининг акаси, ўғли, деб. “Чақирма уни”,  дейди. Уларда нима айб? Уларда нима айб? Уни дўст қилишимиз керак, уни чақиришимиз керак. Уни маърифатга чақиришимиз керак. Зора у нарёғда юрганга таъсир қила олса. Ана шуни кўндаланг қўядиган соати келди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ўша мажлисда айтишича, турли оқимларга кириб қолганларни ўзимизга қайтариш — бу осон иш эмас. Қийин иш. Лекин буни қилишимиз керак. “Сизнинг топшириғингиз билан Шайхонтоҳур туманидаги ишларимиз натижа берди. Самара берди. Очиқ-ойдин самара берди.  Биз буни қилсак бўлар экан. Буни қиламиз ҳам. Сизнинг  ёнингизда турамиз, халқ биз билан бўлади, уларни ўзимизга қайтарамиз. Қайтмайдиганини очиқ-ойдин айтиб берамиз. Бунга бизнинг кучимиз ҳам етади, илмимиз ҳам етади, тажрибамиз ҳам етади. Имомларимизнинг салоҳияти ҳам шуни кўтаради. Янги тизимни қилиб олдик. Бу тизимда ҳаммамиз қўлимизни қўлимизга бериш ишлаймиз ва уддасидан чиқамиз”, деди муфтий.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий сайти ёзишича, муфтий Усмонхон Алимов, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир қатор уламолари ҳам Андижон вилоятида жамоатчилик билан мулоқот ўтказмоқда.

Хусусан, муфтий ҳазратлари имом-хатиблар адашган оқимларга мойиллиги бўлган шахслар билан бирма-бир мулоқот қилиб, уларга ақидапараст оқимларнинг нотўғри ва янглиш эътиқодларини Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларнинг қувватли далиллари асосида тушунтириш ишларини янада жадаллаштишни топширдилар. Шунингдек, бундай кишиларни жамиятга қайтариш, уларнинг одамлардан ажраб қолмасликлари чорасини кўриш лозимлиги, ўзининг қилган ишидан пушаймон бўлиб, афсус-надомат чекаётганларига руҳий тасалли бериб, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишларига кўмаклашиш зарурлигини таъкидладилар.

Кимлар Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилиши мумкин?

Шуни қайд этиш керакки, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги қуйидаги ҳолларда йўқотилиши мумкин:

а) Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан унинг чет эл давлати армиясига ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизматига, шунингдек полициясига, адлия органларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органларига ишга кирганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёхуд бошқа ишончли маълумотлар мавжуд бўлганда;

б) агар чет элда доимий яшовчи шахс уч йил мобайнида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;

в) агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги олдиндан била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинган бўлса;

г) агар шахс чет эл давлати фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса;

д) агар шахс чет эл давлати фуқаролигини олган бўлса.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга кўриб чиқишга тақдим этиладиган хулосалар асослантирилган бўлиши керак.

Хулосаларда қуйидаги маълумотлар алоҳида кўрсатилиши керак:

шахснинг давлат олдидаги бажарилмаган (ижро этилмаган) мажбурияти ёки фуқаролар ёхуд давлат ва жамоат ташкилотларининг жиддий манфаатлари билан боғлиқ бўлган мулкий мажбурияти мавжудлиги;

шахснинг айбланувчи сифатида жиноий жавобгарликка тортилганлиги;

шахснинг қидирувда эканлиги;

шахсга нисбатан қонуний кучга кирган ва ижро қилиниши лозим бўлган суд ҳукмининг мавжудлиги;

шахснинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида озодликдан маҳрум қилиш жойларида эканлиги;

шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлигининг манфаатларига номувофиқ эканлиги.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссия тақдим этилган ҳужжатларни ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг хулосаларини кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қарор қабул қилиш учун таклиф киритади.

SHARE