Шавкат Мирзиёев тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклашни таклиф қилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабини бориб кўрди. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

Учтепа туманидаги 78-мактаб 1967 йилда қурилган. Мактабни қайта таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш режалаштирилмоқда.

Президент мактаб билан коллежлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш, хусусан, ушбу мактабда тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб корхонаси ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Юқори синфларда болалар шахс бўлиб, жамоа бўлиб шаклланади, деди давлат раҳбари. Айни ўша пайтда уларни ўзлари ўрганган муҳитдан ажратиб қўймаслик керак. Бу ёшларнинг руҳиятига, давоматига, охир-оқибатда таълим-тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис таълим жараёнининг услуксизлигини таъминлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириш зарур.

Шу ерда 1-синф ўқувчиларига бериладиган “Президент совғаси” комплекти, мактаб ўқувчиларига мўлжалланган бадиий адабиётлар, халқ таълими муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш режаси намойиш этилди.

SHARE