Социал лифт: Шавкат Мирзиёевнинг кутилмаган қарори

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 30 июнь куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи пайтида кадрлар бўйича амалга оширган иккита қарори интернетнинг ўзбек сегментида кенг муҳокама қилинди. Гап шундаки, давлат раҳбари қурултойда чиқиш қилган 23 ёшли йигит Алишер Саъдуллаевни Халқ таълими вазирига ўринбосар, 25 ёшли Олим Тўйчиев эса Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинлаган. Хўш, бу социал лифт ишлай бошлаганидан далолатми?

Олим Тўйчиев. Ўнгда ўтирган ҳолда.

Хўш, бу йигитлар кимлар?

Олимжон Тўйчиев 1991 йил 27 октябрда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида таваллуд топган. 2014 йилдан буён Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети технопарк янги лойиҳалар бўйича муҳандиси вазифасида ишлаб келган. 2015 йилда ушбу университетнинг бакалавр йўналишини тамомлаган. 2017 йили эса Германиядаги Ҳоффенҳайм университети магистратурасини тугатган. Рус, инглиз, немис, итальян тилларида эркин сўзлаша олади.

У шу вақтгача Турин политехника университети магистратура босқичида таҳсил олиб келаётганди.

Замонавий “Олимжон”

Олим Тўйчиевни ҳазиллашиб “Темир хотин”даги Олимжонга  қиёс қилишади. Мутахассиснинг 2013 йили Daryo.uz сайтига берган интервьюсида қайд этилишича, у ўзбек тилидаги овоз орқали масофадан бошқариладиган роботни яратган.  У ўзбек тилидаги буйруқларни тушунади ва улар бўйича ҳаракатланади.

ўзбек роботи

Олим Тўйчиев агентликдаги технологиялар трансферини ташкил қилиш ва инновация ярмаркалари ўтказиш, Халқаро илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, Ахборот-коммуникация технологиялари ва Олий таълимдан кейинги таълим тизими бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишларига масъул бўлади.

Алишер Саъдуллаев эса 1994 йилнинг 11 июлида Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтини тамомлаган, кейинроқ Буюк Британияда таҳсил олган.

У шу вақтгача Тошкент шаҳридаги Result ўқув маркази раҳбари сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Ўзбекистонда социал лифт қандай ишлайди?

Президентнинг қайд этишича, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак. У билимли, ташаббускор ва ташкилотчи, фидойи ёш раҳбарларнинг кадрлар захирасини яратиши керак.

Алишер Саъдуллаев

Ижтимоий тармоқлар ушбу янгиликларни ҳар хил қабул қилишди. Жумладан, твиттер фойдаланувчиларидан бири шундай дейди: 2 та ёш йигитни юқори лавозимларга тайинланиши албатта қувонарли ҳол, яхши янгилик. Мани масаланинг бошқа томони ўйлантирди. Уларнинг бири Турин, бошқаси Сингапурни битирган. Хорижий олий таълим муассасаси филиали битирувчилари ҳаммаси. Шулардан жўяли фикр чиқяпти фақат. Ўзимизнинг ОТМ битирувчилари юрибмиз бир чеккада.

SHARE