Абдулазиз Комилов: Human Rights Watch билан ҳамкорликка тайёрмиз

    Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 5 июлда ватандошлар билан бўлиб ўтган видеомулоқотда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилот Human Rights Watch билан ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.

    “Яқинда биз Human Rights Watch’нинг ижрочи директори Кеннет Россдан мактуб олдик. Мактубда ижрочи директор кичик гуруҳнинг Ўзбекистонга келишига рухсат сўраган. Биз бу жамоани қабул қилишга тайёрмиз”, деди Абдулазиз Комилов.

    Ташқи ишлар вазири ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларига таянишини таъкидлар экан, ўзбек халқининг анъанлари, одатлари ҳурмат қилиниши ва ўзига хослиги тушинилиши кераклигини қайд этиб ўтди.

    «Бу ерда ҳеч қандай тақиқлар йўқ. У ёки бу масала, муаммо бўйича дунёқарашимиз, ёндашувларимиз турлича бўлиши мумкин. Бироқ бу бизнинг умумий манфаатларимиз бор жойда ҳамкорликдаги фаолиятни амалга оширмаймиз, дегани эмас» — деди ТИВ раҳбари.

    БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга муваффақиятли ташрифи ҳақида гапириб ўтган вазир Ўзбекистон нафақат Human Rights Watch’ни, балки бошқа ташкилотларни ҳам қабул қилишга тайёр эканлигини қайд этди.

    SHARE