Кристина Лагард Шавкат Мирзиёевга: “Ўзбекистон иқтисодиётини ислоҳ этишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларингизни астойдил маъқуллайман”

    Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирларини биз техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақида Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директори Кристина Лагард Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида маълум қилди.

    “Мен Сиз ва Сизнинг иқтисодий жамоангиз Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантириш ва аҳоли моддий фаровонлигини юксалтириш йўлида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш борасида мамлакат иқтисодиётини ислоҳ этишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларингизни астойдил маъқуллайман. Шуни ишонтириб айтаманки, Сизнинг раҳбарлигингизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирларини биз техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, дейилади мактубда.

    Лагарднинг қайд этишича, бир неча кун аввал Халқаро валюта жамғармаси бош қароргоҳида жамғарма ходимлари билан Ўзбекистон вакиллари валюта сиёсатини ислоҳ қилиш йўллари бўйича дастлабки учрашув ўтказган. Жамғарма ходимлари бу борадаги ишларни давом эттириш учун яқин орада Тошкентга боради.

    “Сизнинг вакилларингиз ва Халқаро валюта жамғармаси ходимлари яқин вақтларда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини такомиллаштириш мақсадида бошқа йўналишларда ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар орқали валюта тизимини эркинлаштиришни қўллаб-қувватлашга доир кенг кўламли масалаларни, жумладан, иқтисодий статистикани яхшилаш чора-тадбирларини муҳокама этишига ишонаман. Бу ҳукумат ва инвесторларга асосли қарорлар қабул қилиш имконини беради”,  дейди Кристина Лагард.

    “Жаноб Президент, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон улкан натижаларни қўлга киритишига қатъий ишонаман ва биз Сизни бу борада ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканимизни яна бир бор тасдиқлайман”, дея сўзини якунлайди ХВЖ раҳбари.

    SHARE