Шавкат Мирзиёев туғилган куни билан табриклаганларга ўз миннатдорлигини билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев туғилган куни муносабати табрик билдирганларга ўз миннатдорлигини билдирди.

“Туғилган кунимга 60 йил тўлиши муносабати билан узоқ-яқиндан қутловлар, табрикнома ва мактублар йўллаган давлат ва ҳукумат бошлиқларига, хорижий сиёсат ва жамоат арбоблари, ишбилармон доиралар вакилларига, халқаро ташкилотлар раҳбарларига, юртимиздаги маҳаллалар ва меҳнат жамоаларига, барча ватандошларимга ўзимнинг самимий миннатдорлигимни изҳор этаман”, дейилади хабарда.

Президент ўз шаънига билдирилган эзгу табрик ва тилакларни, авваламбор, Ўзбекистон халқи ва давлатига юксак ҳурмат ва эҳтиром, мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги кунига бўлган ишонч ифодаси сифатида қабул қилишини айтган.

“Фурсатдан фойдаланиб, меҳнатсевар, бағрикенг ва олижаноб халқимизга яна бир бор чин қалбимдан фарзандлик меҳримни билдираман. Кўп миллатли Ўзбекистон халқининг бахту саодати ва фаровонлиги йўлида садоқат билан хизмат қилиш учун бундан буён ҳам бор куч ва ғайратим, билим ва тажрибамни сафарбар этаман”, дейилади ЎзА эълон қилган мактубда.

SHARE