АҚШдаги ўзбекистонликлар футбол турнири уюштирмоқда

Нью-Йорк АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар иштирок этадиган «Мустақиллик кубоги» футбол мусобақасига мезбонлик қилади. Бу ҳақда турнир ташкилотчиларидан бири бўлган Санъат Шарипов «Дарё.uz»га маълум қилди.

Мусобақа шу йилнинг 17 сентябрь санасида старт олиши режалаштирилган бўлиб, ўзбекистонлик муҳожирлардан ташкил топган футбол жамоалари Бруклинда жам бўлади. Иккинчи марта ўтказилаётган «Мустақиллик кубоги» учун аризалар 10 август санасига қадар қабул қилинади.

«Мустақиллик кубоги»нинг биринчиси 2016 йил бўлиб ўтганди. Унда Нью-Йорк, Пенсильвания, Нью-Жерси, Мэриленд ва пойтахт Вашингтон шаҳарларидан жами 8 жамоа иштирок этган бўлиб, ғолиблик Нью-Йоркнинг «Пахтакор» жамоасига насиб қилган.

АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар мазкур мусобақада иштирок этишни истаса, +1 (718) 737-23-19 телефон рақамига қўнғироқ қилиши мумкин.

Бруклинда ташкилотчилар иштирокчи жамоалар учун ўзбекча палов сайли ва дастурхон ёзишни кўзда тутган. Шунингдек, футболчиларнинг оила-аъзолари учун ҳам кўнгилочар тадбирлар уюштириш режалаштирилган.

SHARE