ТИВ: Хорижга чиқиш стикерларини бекор қилиш ҳақидаги қарор лойиҳаси тайёр

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 7 август куни идоралараро йиғилиш ўтказди. Унда жорий йилнинг 5 июль куни вазирнинг ватандошлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти доирасида кўтарилган масалаларни ечиш юзасидан қилинаётган ишлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда ТИВнинг матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Президент Девони, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат персоналлаштириш маркази, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва бошқа давлат тузилмалари вакиллари иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан фуқароларнинг чет элга бориш рухсатнома ёзуви стикерини бекор қилиш ҳамда хорижга чиқиш паспортини босқичма-босқич жорий этишни кўзда тутувчи, фуқароликдан чиқишни расмийлаштириш ҳамда хорижга келган фуқароларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тартибини соддалаштириш тўғрисидаги давлат раҳбари қарорлари лойиҳалари ҳамда қонунчиликка, қонун ости ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича бошқа таклифлар тайёрлангани ва идоралараро келишув босқичида тургани хабар қилинди.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг меҳнат мигрантларини тегишли ижтимоий пакет, жумладан зарур яшаш-маиший шароит, муносиб иш ҳақи даражаси ва бошқа имтиёзлар билан таъминлашни кўзда тутувчи Ўзбекистон фуқароларини ишга ёллашни ташкиллаштириш бўйича йирик хорижий ҳамкорлар билан икки томонлама битимлар тузиш бўйича фаолияти қўллаб-қувватланди.

SHARE