Шавкат Мирзиёев мажлислар сонини кескин қисқартиришни талаб қилди

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 август куни Тошкентда жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида мамлакатимизни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини янгилаш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, давлат раҳбарининг жойларда халқ билан мулоқотлари чоғида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг бажарилишига бағишланган селектор йиғилиши бўлиб ўтди.

    Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни баҳолашда жойлардаги ҳақиқий аҳволни танқидий таҳлил қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда улардан ҳар бирининг ўзига хос хусусиятлари, хомашё ресурслари, ривожланиш даражаси ва эҳтиёжи тўлиқ ҳисобга олинмаяпти.

    Айни пайтда республика ва маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва тақсимлаш, инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш механизмлари устувор лойиҳаларни манзилли ва ўз вақтида молиялаштиришни таъминламаяпти.

    Шунингдек, кўплаб ташкилот ва идораларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир энг муҳим дастурларни амалга ошириш ўрнига, аксарият ҳолларда, фақат йиғилишлар ўтказиш ва пухта ўйланмаган қарорлар қабул қилиш, амалий иш қолиб, қоғозбозлик билан шуғулланиш ҳолатлари учраяпти.

    Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар мажлислар сонини кескин қисқартириш, кўриладиган масалаларга бевосита алоқаси бўлмаган давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва бошқа муассасалар раҳбарларини таклиф қилмаслик зарурлигини таъкидлади.

    Бош вазир А.Арипов ва Бош прокурор И.Абдуллаевга мажлисбозлик, қоғозбозлик ва ҳисоботбозликни кескин камайтириш, давлат идоралари фаолиятида маълумот алмашишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича ҳукумат қарорини ишлаб чиқиб, ижросини алоҳида назоратга олиш вазифаси юкланди.

    SHARE