Ўзбекистонда валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича Президент фармони эълон қилинди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга асосан, 2017 йил 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси резидентлари — жисмоний шахслардан валюта алмаштириш шохобчаларида эркин равишда валюта сотиш ва сотиб олиш бошланади.

Шунингдек, жисмоний шахслар амалдаги тартибга мувофиқ тижорат банкларининг конверсион бўлимларида халқаро тўлов карталарига ҳисоблаш асосида хоржий валюта сотиб олиши ва хорижда бу маблағдан ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиши мумкин.

2017 йил 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларига тижорат банкларида чекловларсиз жорий халқаро операциялар бўйича (маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар импорти, даромадларни репатриация қилиш, кредитларни тўлаш, иш бўйича сафар харажатлари ва бошқа носавдо характеридаги ўтказмалар) хорижий валюта сотиб олиш ҳуқуқи берилади.

Юридик шахсни ташкил қилмасдан озиқ-овқат импорти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларга 5 сентябрдан бошлаб, жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, банк ҳисоб рақами орқали хорижий валюта сотиб олишга рухсат берилади.

Шунингдек, экспортчиларга, уларнинг мулк шаклидан қатъи назар, хорижий валютада олинган даромаднинг маълум қисмини мажбурий сотиш талаби бекор қилинади.

Фармонга кўра, 5 сентябрдан эътиборан хорижий валютада даромадга эга бўлган ва юридик шахсни ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчилар, шунингдек, фермер хўжаликлари ўз банк ҳисоб рақамларидан хорижий валютани нақд кўринишда олиши мумкин.

Фармонга кўра, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги тартиб ўрнатилади:

– товарлар (иш ва хизматлар) учун хорижий валютада тўлов қилиш тақиқланади, халқаро амалиётга мос равишда халқаро тўлов карталари билан амалга ошириладиган тўловлар бундан мустасно;

– товарлар, иш ва хизмат учун нархлар ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг низом жамғармасига минимал талаблар фақат миллий валютада кўрсатилади;

– давлат божлари, йиғим ва бошқа мажбурий тўловлар фақат миллий валютада амалга оширилади, консуллик йиғимлари бундан мустасно.

Шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга кўра:

– хорижий валютада кредитлар бериш ва уни сўндириш шартлари тижорат банклари томонидан, ўзларининг кредит сиёсати ва томонларнинг келишувига кўра мустақил ишлаб чиқилади;

– банкларнинг хорижий валютанинг олди-сотдиси билан боғлиқ рисклари ишбилармонлик рискига тенглаштирилади ва уларни бошқариш тижорат банкининг ўз ихтиёрида бўлади;

– хорижий валютани харид қилиш ва сотишда комиссион мукофотланиш миқдори тижорат банклари томонидан мустақил ўрнатилади;

– тижорат банкларига хорижий валютада операциялар ўтказиш учун лицензия бериш амалиёти бекор қилинади. Тижорат банклари хорижий валюталар билан операцияларни банк фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида амалга оширади.

Валюта сиёсатининг либераллаштирилиши Ўзбекистонда нарх-навонинг ўсишига олиб келмайдими?

Тадбиркор, Ўзбекистондаги энг йирик супермаркетлар тармоғи (korzinka.uz)раҳбари Зафар Ҳошимовнинг айтишича, импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархи ошмайди. Негаки, истеъмол товарларининг импорти анчадан бери расмий конвертация йўли билан молиялаштирилмас эди, унинг нархи параллел (қора) бозор курси бўйича шаклланарди. Бундан ташқари, импорт қилувчи компаниялар турли комиссия тўловлари ва биржа курслари сабабли валютага бозор курсидан кўпроқ маблағ тўлашга мажбур эдилар.

Эндиликда барча тадбиркорлик субъектларига валютани ўз банклари орқали бозор шартларида харид қилиш учун тенг имконият юзага келгандан сўнг, бозорда иштирокчилар сони кўпаяди, рақобат ҳам ошади, ушбу операциялар учун самарали курс уларни эркин харид қилиш осонлашиши, ҳамда шаффофлиги ошиши ҳисобига бир оз тушади ҳам.

“Аммо ишончим комилки, ушбу фармон туфайли ҳамма учун тенг шароитлар яратилиши натижасида яқин икки-уч ойда — ярим йилда импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархлари туша бошлайди”, дейди тадбиркор.

Яна бир эксперт Александр Давлетовнинг айтишича, озиқ-овқат ва кийим-кечаклар қимматлашишидан хавотир олинмаса ҳам бўлади (қайтанга арзонлашиши кузатилади), чунки бу типдаги товарлар бир неча ўн йиллардан буён қора бозор ва ундан юқори курсда олинган валюта ҳисобидан импорт қилиб келинган.

Иқтисодчи Юлий Юсупов ҳам мазкур янгиликка муносабати эълон қилинди. “Жорий операциялар бўйича эркин конвертациянинг жорий этилиши, ниҳоят, аксилбозор буйруқбозлик бошқарув тизимининг «белини синдириш», иқтисодиётимиздан ҳаётий кучни сўриб олаётган кўплаб «ёғли жойлар» учун асосларни вайрон этиш, тадбиркорлик ривожи йўлидаги кўплаб тўсиқларни бартараф қилиш, иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш учун йўл очиш имконини беради”, дейди у Коммерсант.uz сайтида эълон қилинган мақоласида.

Унинг айтишича, бу фақат бошланиши. Ҳали жуда кўп иш қилиш керак. Олдинда банк, солиқ, ташқи савдо, маъмурий, аграр ва бошқа ислоҳотлар турибди, самардор рақобат муҳити шаклланиши ва хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича тизимли чоралар кўриш керак.

Экспертнинг айтишича, номаълумлик ишбилармон фаоллигини ўлдиради, аниқроғи, уни фақат бир томонга йўналтиради: қандай қилиб жамғармани сақлаб қолиш ва қандай қилиб бирор нима билан спекуляция қилиш. Охирги ойларда тадбиркорларимиз нима билан шуғулланди? Кимдир шоша-пиша доллар, кимдир, аксинча, сўм харид қилди, кимдир шоша-пиша кредит олди, кимдир ҳеч нарсага қарамай кўчмас мулк, техника ва ҳ.к. сотиб олди. Реал иқтисодиёт эса тўхтаб қолди. Реал иш билан шуғулланишни ҳеч ким хоҳламади ва шуғуллана олмас ҳам эди, негаки бир-икки ойдан сўнг мамлакатда нима бўлиши тушунарсиз эди.

SHARE