АҚШ тарихидаги энг мудҳиш қирғин: қотил ким эди?

Невадалик пенсионер Стивен Пэддок 2 октябрь куни Лас-Вегасдаги фестиваль иштирокчиларига қарата ўт очди. 59 киши ҳалок бўлди. Бу АҚШ тарихидаги энг оммавий қотиллик ҳисобланади. Қотилнинг ёнида 23 та қурол, жуда кўп патронлар бўлган. Қотиллик учун жавобгарликни “Ислом давлати” террористик ташкилоти ўз зиммасига олган бўлса-да, лекин Федерал тергов қўмитаси қотилнинг исломистлар билан алоқаси борлигига ишонмаяпти. Хўш, Лас-Вегасдаги оммавий қотиллик ижроси Стивен Пэддок аслида ким? Уни бундай мудҳиш жиноятга нима мажбур қилди?

Стивен Пэддок 1953 йилда таваллуд топган, икки нафар ака-укаси бор. Пэддокнинг отаси Бенжамин оиласи билан яшамаган, у 1961 йилда бир неча марта банкларни ўмаргани учун 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган, аммо кейинчалик қамоқхонадан қочиб кетади ва яшириниб яшайди. 1970-йилларнинг охирида у яна қўлга олинади, бир неча йилдан сўнг вафот этади. Пэддокнинг онаси эса фарзандларига уларнинг отаси қамалган эмас, балки вафот этган, деб айтиб келган.

Стивен коллежни битириб, 1980-йилларда Lockheed Martin компаниясида ҳисобчи бўлиб ишлайди, кейинчалик кўчмас мулк савдоси билан шуғулланади, яхшигина даромад кўради. The Washington Post газетасининг Стивеннинг қариндошларига таяниб ёзишича, у 2 миллион доллар атрофида жамғарма тўплаган. Пэддок бир неча марта яшаш жойини ўзгартиради, 2016 йилда Невадага кўчиб ўтади. У одатда пенсионерлар истиқомат қиладиган кичик шаҳарлардан уй харид қилар, кейин уларни пулларди.

Пэддок Невададаги уйида камдан-кам бўларди. Сабабики, у профессионал казино ўйинчиси бўлган, шу сабабли казинолар жойлашган меҳмонхонада тунаб қоларди. Бир марта у шундай меҳмонхоналардан бирида тўрт ой яшаган. Ака-укалар мунтазам алоқа қилиб туришган, вақти-вақти билан кўришиб, ичиб туришган. Укаси Эрик Пэддок у билан охирги марта жорий йил сентябрь ойида мулоқот қилган. Ўшанда Стивен онасининг ҳол-аҳволини сўраган. 89 яшар онаси Флориданинг яқинда тўфондан зарар кўрган ҳудудида истиқомат қилади. Стивен онасининг аҳволи қандайлиги билан қизиқиб, унга совға юборади.

Эрик Пэддокнинг сўзларига кўра, қотил акаси ёлғиз яшаган, икки марта турмуш қурган бўлса-да, фарзандлари бўлмаган. Тавакал ўйинларни профессионал даражада ўйнар, катта-катта ставкалар қилган, бир марта автомобиль ютиб олган. Стивен пулга у даражада жиддий қарамаган, қиммат кийинмаган, ўз бойликларини кўз-кўз қилмаган. На қариндошлари, на танишлари, на қўшнилари Стивенни баджаҳл одам дея олишади. У ҳеч қачон қандайдир сиёсий мойиллигини намойиш этмаган.  Оддий одамлар каби турмуш кечирар, ҳеч кимга халақит бермас эди. Қандайдир қуролга боғланиб қолганини ҳам бировга билдирмасди.

Стивен Пэддок самолётни бошқара оларди, учувчилик лицензиясига эга эди. У иккита кичик самолётга эга бўлган. Ҳеч қачон қонунни бузмаган. У кантри-мусиқага (мусиқа жанри) қизиққан. Лас-Вегасдаги кантри-фестиваль сингари концертларда мунтазам қатнашиб турган.

Маълум бўлишича, у охирги пайтлар филиппинлик Марилу Дэнли билан учрашиб юрган. Аввалига унинг маъшуқаси ҳам қидирувга берилди, кейинчалик полиция қотилликка ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини аниқлаган, у охирги ҳафтада умуман Америкада бўлмаган.

Mandalay Bay меҳмонхонасининг 32-қаватидаги номерда, яъни Стивен Пэддок жойлашган хонада 23 дона қурол (қотилнинг уйидан яна 19 та қурол) топилди. Иккита қурол таянчга мустаҳкамлаб қўйилган экан. Пэддок катта эҳтимол билан автоматик қуролдан ўт очган.

Қўшма Штатларда автоматик қурол, яъни бармоқни илгакни босиб турганда тўхтовсиз ўқ отадиган қуролларни харид қилиш қонунчиликда қатъий тартибга солинган. Уни шунчаки харид қилишнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун айтиш мумкинки, Пэддок ярим автомат қуролдан ўт очган. Аммо ҳозирча қотил қайси қуролдан ўқ узгани расман тасдиқлангани йўқ.

Аввалига Стивен Пэддокни махсус хизмат вакиллари отиб ўлдиргани ҳақида хабар қилинган эди. Аммо кейинчалик маълум бўлишича, у ўз жонига қасд қилган. The Washington Post газетасининг ёзишича, махсус хизмат вакиллари қотил жойлашган хонани ёнғин сигнализациясидан топишган. Чунки ўт отиш пайтида қуролдан чиқадиган газдан ёнғин сигнали ишлаб кетади.

манба: meduza.uo

SHARE