Ўзбекистонга йил охирига қадар 2,5 миллиондан зиёд сайёҳ келиши кутилмоқда

2017 йилнинг 9 ойи якунига кўра, қарийб 1 миллион 800 минг сайёҳ юртимизга келган. Бу 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоиз кўпдир. Мамлакатимизда сайёҳлик хизматлари экспорти ҳам 17 фоиз кўпайиб, 1 миллиард 86 миллион долларни ташкил қилган. Йил охирига қадар мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 2,5 миллиондан ошиши кутилмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда маълум қилинган.

Мамлакатда кейинги йилларда альпинизм, отда, туяда, велосипедда саёҳат қилиш, off-road сайёҳатлари, балиқ ови, рафтинг, хелиски, геотуризм, таълим туризми, тиббий туризм каби янги сайёҳлик йўналишлари оммалашмоқда.

Давлат раҳбари йиғилишда ҳар бир йўналиш бўйича, яъни Европа, Осиё ва бошқа қитъалардан келадиган сайёҳлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқиш, чартер рейслар ва темир йўлларда қатновлар сонини кўпайтириш, туризм ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини мукаммал ўзлаштириш, ички туризмни ривожлантириш, сайёҳлик объектларини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

SHARE