Туркия ва Америка муносабатларида виза инқирози бошланди

Американинг Туркиядаги ва Туркиянинг  АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари фуқароларга виза беришни чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунга Американинг Истанбулдаги ходими қўлга олингани сабаб сифатида кўрилмоқда. Бу НАТО аъзолари бўлган икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг янада ёмонлашувига олиб келди.

Ўтган ҳафта Американинг Истанбулдаги дипломатик миссияси ходими 2016 йилда Туркияда ҳарбий тўнтаришга уринганликда айбаланаётган Фатхулла Гулен ҳаракатига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган эди. Расмий Вашингтон консуллик ходими қўлга олинишини қоралаб, айбловни асоссиз деб атади.

“Сўнгги воқеалар АҚШ ҳукуматини Туркия ҳукуматининг Америка дипломатик миссияси ва унинг ходимлари хавфсизлигини таъминлашга содиқлигини қайта баҳолашга мажбур қилди”, дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

 

Дипломатик миссия ушбу баҳолаш даврида элчихона ва консулхоналарга ташриф буюрувчилар сонини қисқартириш мақсадида Туркиядаги барча дипломатик ваколатхоналарда ноиммиграцион визаларни беришни тўхтатиб туришга қарор қилди.

Туркиянинг АҚШдаги элчихонаси ҳам худди шундай чора қабул қилди. Америка элчихонаси баёнотидан мамлакатлар номини ўзгартириш билан ўз баёнотини эълон қилди.

Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги хабар қилишича, Америка консулхонаси ходими — Туркия фуқароси 4 октябрь куни қўлга олинди. У айғоқчилик ва мамлакатдаги конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланмоқда.

 

SHARE