Нью-Йорк йўлларида ҳайдовчилар нега қонунга итоаткор?

Америкага келган одамнинг биринчилардан бўлиб эътиборига тушадиган нарса бу автомобиль ҳайдаш маданиятининг бошқача эканлигидир. Бир тарафдан ушбу мамлакатда турли йўл белгилари, шу жумладан, хавфсизлик қоидалари кам бўлса, иккинчи тарафдан йўллардаги умумий темп ва асаббузарликлар ҳам жуда кам. Бу ҳақида россиялик блогернинг кузатувларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Нью-Йоркда соатига 40 километргача ҳаракатланиш мумкин. “Дунё маркази”, “Ухламайдиган шаҳар”, “Дунёнинг молиявий маркази” бўлмиш ушбу шаҳар ана шундай ҳаракатланади. Албатта, шаҳардаги бир нечта хайвэйлар бу муаммога ечим бўла олади: Бруклиндан Манхэттенгача бўлган масаофани 20 минутда босиб ўтиш мумкин. Аммо оддий шаҳар кўчаларида тезликка чеклов ўрнатилган бўлиб, у ҳар қандай мерседесни велосипедга айлантириб қўя қолади. Одамлар қарийб тезликка оид қоидани бузишмайди.

Аммо америкаликларнинг ҳайдаш маданияти эмас, балки бунга ундаган сабаблар қизиқ. Чунки мамлакатдаги йўл ҳаракати тизимидаги тартибни кўриб, бу ерда ёмон ҳайдовчиларни ўз-ўзидан йўлдан узоқлаштирадиган махсус курслар бор экан, деб ўйлаш ҳам мумкин. Аммо Нью-Йоркда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, масалан, Россияга қараганда жудаям осон иш.

Чунки, биринчидан, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун тиббий текширувдан ўтиш керак эмас. Кўзни эса бевосита DMV (ДАНга ўхшаш идора)да текширишади.

Иккинчидан, сиз назарий тест учун махсус китобчани оласиз. Эътиборлиси, ушбу қўлланмани истаган тилингизда топишингиз мумкин. Имтиҳонни қандай топшириш ҳақидаги китоб енгил, юпқа бўлиб, уни ўқиётганингизда битта савол туғилади: қоидаларга қачон дуч келаман? Ростини айтсак, ҳеч қачон. Чунки бутун китоб мутолааси даврида сиздан турли сўзлар билан “батартиб ҳайданг”, “мулойим бўлинг”, “бировни туртиб юборманг”, “йўл талашманг” деган маънони уқтиришади. Умуман, қоидаларнинг сони ўнта чиқиши мумкин.

Учинчидан, назарий имтиҳон шундай ўйланганки, уни унча-мунча одам, агар соғлом ақл эгаси бўлса, бир уринишдаёқ топшира олади. Чунки саволларнинг енгиллиги, имтиҳон топшириш учун керак бўладиган умумий балл шундай хулоса чиқаришга асос бўлади. Лекин шу нарса аниқ бўлиши учун айтиш керакки, назарий имтиҳондан ўта олмасликнинг иложи йўқ. Сабаби энг мураккаб саволлар тахминан қуйидагича янграйди:

Сиз ҳозиргина жуда кўп миқдорда алкоголь истеъмол қилдингиз ва маст ҳолатдасиз. Нима қиласиз?

  1. Алкоголь таъсирини камайтириш учун марихуана тортиб кўраман ва рулга ўтираман;
  2. Бир чашка қаҳва ичаман, диққатимни жамлаб рулга ўтираман;
  3. Дори қабул қиламан ва рулга ўтираман;
  4. Ҳеч қанақа шароитда рулга ўтирмайман. Чунки алкоголь диққат-эътиборни сусайтиради ва йўлда хавфли ҳолатга сабаб бўлиши мумкин.

Кўриб турибсизки, ушбу саволга жавоб топиш учун у даражада “ақлли” бўлиш шарт эмас. Хўш, унда Америка йўлларидаги тартибли ҳайдовчилар хулқига сабаб нимада?

Буларнинг барчасига, фикримча, рулга ўтирган одамнинг атроф-муҳитга, атрофдагилар ҳаётига муносабати билан боғлиқ. Яъни ҳаммаси ҳайдовчиларнинг ўзларидан бошланади. Албатта, қонун олдида ҳамманинг тенглиги сўзда эмас, балки амалда таъминлангани ҳам муаммонинг асосий ечими саналади.

SHARE