Шавкат Мирзиёев: “Ўзбекистон ва Россия ҳамкорликни йўлга қўймаган йўналиш қолмади”

    Владимир Путин Сочида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувда Россия ва Ўзбекистон ўртасида эришилган келишувларнинг амалга ошиши ҳозирдан яхши натижалар бераётганини, мамлакатлар ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажмининг ортганини маълум қилди. Бу ҳақида Кремль расмий сайти хабар тарқатди.

    «Сизни Сочида кўриб турганимдан хурсандман ва қайд этишим жоизки, сизнинг Россияга ташрифингиз чоғида эришилган битимларни амалга ошириш устида иккала томондаги ҳамкасбларимиз фаол иш олиб бормоқда. Бу эса сезиларли натижаларни бермоқда. Агар ўтган йилда товар айрибошлаш ҳажмида пасайиш кузатилган бўлса, жорий йилнинг дастлабки саккиз ойи давомида унинг ҳажми 20 фоиздан ортиқроққа ўсди», — деди Путин.

    Унинг сўзларига кўра, жорий йил якунигача ушбу кўрсаткичлар яна ортади. «Қишлоқ хўжалигидаги ўсиш сезиларли даражада билинди», — деди Россия президенти.

    Шунингдек, Путин саноат ишлаб чиқариш соҳасида ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини қайд этди.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ўз навбатида келишувларнинг муваффақиятли амалга ошаётганини таъкидлади.

    «Россияга ташрифдан сўнг, бизда ҳар томонлама ўзгариш содир бўлди, юқорида қайд этганингиздек товар айрибошлаш ҳажмида ҳам. Бу жуда хурсанд қилади. Ушбу келишувлар ростдан ҳам ўз ифодасини топмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

    Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг сўзларига кўра, мамлакатлар ҳамкорликни йўлга қўймаган йўналиш қолмаган.

    ЎзАнинг хабар беришича, Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан. Мамлакатимизда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Экспорт ва импортнинг барча кўрсаткичлари бўйича ўсиш кузатилмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошган.

    kremlin.ru

    Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Россия бизнес-форумида икки мамлакат ишбилармонлари кўплаб истиқболли келишувларга эришди.

    Саноат тармоқлари ўртасида кооперация кучаяётгани, бизнес вакиллари ҳамкорлиги кенгаяётгани, халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ҳам мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.

    Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

    SHARE